Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги 64/69-сонли манзил колонияда сақланаётган 51 яшар маҳкум Қутбилло Икромов президент Мирзиёев бошлаган жазони либераллаштириш сиёсатини боис, озодликка умид қилаётганини билдирди. ОзодМикрофонга боғланган Икромовнинг айтишича, 2008 йилда ЖКнинг 117, 223, 182 ва 242-моддалари асосида жиноий гуруҳ таркибида қўшни Қирғизистондан товар-маҳсулотларни ноқнуний олиб ўтиш ва сотишда айбланиб, 15 йилга қамалган. Жазонинг 10 йилини турма, 5 йилини манзил колонияда ўташга маҳкум Икромов, аслида, ноқонуний товарлар контрабандаси билан шуғулланмагани, фақатгина, шу иш билан шуғулланишда айбланганларнинг пулини ташиб берган оддий таксичи бўлганини даъво қилмоқда. - 2008 йилда қамалганман. Аслида мен оддий таксичи бўлганман, менга келиб, савдогар болалар пулимизни Андижонга олиб бориб беринг, дейишган. Қанчалигиниям билмаганман ва обориб берганман. 4 кундан кейин келиб, уйимизни босишди ва 15 йилга қамаб юборишди, - деб айбсизлигини даъво қилди Икромов. Президент Мирзиёев ҳокимиятга келиб, чегаралар очилиб, қўшни давлатлар билан савдо-сотиқ қайта йўлга қўйилгач, Қутбилло Икромов, унга қўйилган айблов ўз мазмунини йўқотган, деб билишини айтди ва жазонинг қолган муддатидан озод қилинишига умид билдирди.