Ўзбекистон ҳудудидаги барча фуқаролар йиғинлари ҳузурида тўйлар ва бошқа оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар ташкил этилади. Бу борадаги қарор Олий Мажлис Сенати Кенгаши томонидан қабул қилинди. Сенат матбуот хизматининг билдиришича, тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари Сенат Кенгашининг 13 август куни ўтган мажлисида муҳокама қилинган. Йиғилишга Сенат Раиси Ниғматулла Йўлдошев раислик қилган. Йиғилиш якунида «Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларида Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар тузиш тўғрисида»ги қарор қабул қилинди. “Унга кўра, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан биргаликда намунали оилавий тадбирлар ўтказилишини ташкил этиш, оилавий тадбирларни ўтказиш вақтида миллий қадриятларга зид бўлган маросимларга, номақбул одатларга ва уларнинг салбий оқибатларига йўл қўймаслик юзасидан тарғибот ишлари олиб бориш, урф-одатларни менсимаслик, исрофгарчилик ҳолатларини жамоатчилик муҳокамасига қўйиш каби масалалар комиссияларнинг асосий вазифалари этиб белгиланди”, дейилади Сенат матбуот хизмати расмий хабарида. Қарорда. барча фуқаролар йиғинлари ҳузурида тўйлар ва бошқа оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар ташкил этиш ҳам белгиланган.