У вашего броузера проблема в совместимости с HTML5
Тожикистон ва Қирғизистон расмийлари Исфара шаҳрида ўтган музокараларда чегарада фуқароларга қарата ўқ отмаслик ҳақида келишиб олди. Мазкур келишув 6 июль куни қирғиз-тожик чегарасида ўқ отилгани оқибатида 18 ёшли тожикистонлик йигит ҳалок бўлгани ортидан имзоланди. Тожикистон ва Қирғизистон расмийларининг маълум қилишича, 6 июль куни қирғиз-тожик чегарасида икки давлат чегарачилари ўртасида отишма содир этилганидан сўнг 8 июлда Исфана шаҳрида музокаралар ўтказилган. Сўзлашувлардан сўнг икки давлат чегара хизмати раҳбарлари бундан буён қуролли тўқнашувлар бўлишининг олдини олиш тўғрисидаги шартномани имзолаган. - Икки томонлама учрашув якунида аскарлар бир-бирларига ва фуқароларга нисбатан қурол қўлламаслиги ҳақида шартнома имзоланди. Низо чиққан пайтда аскарлар ўзларини қандай тутишлари ҳақида дарс ўқитилишига келишиб олинди, - деди Қирғизистон Чегара хизмати расмийси Сажира Чўқўлўева. Унга кўра, ўзаро ўқ отмаслик ҳақидаги шартнома 11 июлдан кучга киради. Айни пайтда Тожикистоннинг Сўғд вилояти раҳбари Абдураҳмон Қодирий матбуот анжуманида икки давлат чегара раҳбарлари ўтказган учрашув муваффақиятли якунлангани ҳақида гапирди. Тожикистондаги музокаралар ёпиқ эшиклар ортида ўтган ва томонлар учрашувда нима гаплар бўлганини очиқлашдан тийилмоқда. Сўғд вилояти раҳбари Абдураҳмон Қодирий эса учрашувнинг айрим тафсилотларини журналистларга айтиб берди.