Термиз шаҳарида 4 ёшли қизчани жинсий зўрлашда гумонланиб қўлга олинган 31 яшар йигитнинг онаси Озодлик билан суҳбатда ўғлини қийнаб, айбни бўйнига қўйишганини иддао қилди. 16 июнь куни Термиз шаҳри Боғзор маҳалласидаги 7-сонли санаторий типидаги боғча яқинида номаълум эркак тўрт ёшли қизчани зўрлагани ҳақида Озодлик хабар берган эди. (4 яшар қизни зўрлаганликда айбланаëтган йигит шахси айбсизлик презумпцияси ва тергов амалиëтлари давом этаëтгани боис очиқланмаëтир - таҳр.) Термизнинг Эски шаҳар қисмида яшовчи аëл Озодлик билан суҳбатда 4 ёшли қизчанинг номусига текканликда гумонланиб 23 июнь куни ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинган 31 яшар ўғлининг "қилмаган жиноятига қийноқлар остида иқрор бўлгани"ини иддао қилди: - Булар боламни олиб кетишди, олиб кетишиб, Термиз шаҳар милицияси тергов изоляторида бошига салафан пакет кийгизиб, қийнаб, 4 ёшли қизчани номусига тегдинг, деб айбни бўйнига қўйиб қўйишибди. Биз буни адвокати орқали билдик. Шрамлари борлиги учун ҳам уни биз билан учраштиришмаяпти, - дейди Озодликка боғланган аëл. Судланувчининг адвокати Иззат Тошев Озодлик билан суҳбатда ўз мижози айбни бўйнига олганини айтди, лекин қийноққа солингани ҳақидаги иддаларни на тасдиқлаш ва на инкор эта олишини билдирди: - Ҳозирча сизга ҳеч нарса айтолмайман. Бола айбини бўйнига олаяпти. Сўроқ пайти нима деган бўлса¸ ҳаммаси қоғозга туширилган. Қийноққа солишганми, йўқми, бу ҳақда ҳеч нарса айтолмайман, тергов сири деган нарса бор, тўғри тушунасиз, - деди Иззат Тошев.