9 яшар қизларни одам папилломаси вирусига қарши ëппасига эмлаш бошланди. Оналар хавотирда
У вашего броузера проблема в совместимости с HTML5
Жорий ой Ўзбекистон бўйлаб 9 яшар қизларни одам папилломаси вируси (ОПВ)га қарши ëппасига эмлаш бошланди.
Озодлик гаплашган тошкентлик оналарнинг айтишича¸ айни кунларда тиббиëт ходимлари мактабларда бу вакцина ва унинг афзалликлари ҳақида маълумот бермоқда¸ оналардан қизларининг эмланишига рухсат берувчи қоғозга қўл қўйиш сўралмоқда.
2017 йили ОПВга қарши вакцинани Миллий иммунизация жадвалига киритган Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра¸ 2019 йили 400 минг нафар 9 ëшли қиз эмланади.
Аëллардаги бачадон бўйни саратонининг асосий сабабчиси ҳисобланган одам папилломаси вирусига қарши вакцина давлат ҳисобидан текинга қилинмоқда.
Дунëнинг аксар мамлакатида тавсия характерида бўлган бу вакцинанинг 2010 йилда туғилган қизларга ëппасига қилинаëтгани¸ Озодликка юборилган аудио ва айрим оналар билан суҳбатлардан¸ хавотир¸ ҳатто ваҳимага сабаб бўлмоқда.
Эмлатсамми¸ эмлатмасамми...
Озодлик суҳбатлашган оналардан бири 9 яшар қизи ўқийдиган мактабда ўтказилган мажлисга чақиртирилгани ва унда бу вакцина ҳақида врачлар маълумот берганини айди.
“Бу вакцинани айнан 9 ëшда қилса¸ таъсир муддати узоқроқ бўларкан. “Бепул пайтда қилдириб қолинг¸ қизингиз 10 ëш бўлганда¸ буни пулга ҳам қилдиролмайсиз. Вакцина нархи 100-200 доллар чет элда”¸ дейишди. Врачларга ишонилса¸ бу жуда фойдали нарса экан”¸ дейди Озодлик гаплашган тошкентлик оналардан бири.
Бу суҳбатдош¸ мактаб йиғилишида ўзини ҳеч ким бундай вакцинага розилик беришга мажбурламаганини билдирди.