У вашего броузера проблема в совместимости с HTML5
Москванинг Речной вокзалида оғир аҳволда топилган ўзбек муҳожири бефарқ бўлмаган юртдошлар ёрдамида Ўзбекистонга юбориладиган бўлди. Тўрақўрғонлик Аҳмадали Умаровни маҳаллий полиция ходимлари қаттиқ калтаклангани, унинг ҳамма ҳужжатларини тортиб олиб, кўчага чиқариб юборганидан кейин охирги 6 ой Россия пойтахти кўчаларида санғиб юргани маълум бўлди. Ўтиб бораётган ҳафта бошларида ўта абгор аҳволда бўлган бир “бомж” сурати ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди ва қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Юз-бети тирналган ва шишган, сочлари ҳурпайган соқолли бир эркакнинг фотосурати остида қуйидаги мазмундаги хат хам битилганини кўриш мумкин эди: Аҳмадали тиббий ёрдамга муҳтож Аҳмадали тиббий ёрдамга муҳтож “Тўрақўрғонлик Умаров Аҳмадали Абдуғаниевич. Ўзбекистоннинг Тўрақўрғонидан. Ёрдам беришингизни сўрайман. Бу одам Москванинг Речной вокзал метроси ёнида ҳужжатсиз 6 ойдан буён яшаяпти. Касал, мадори йўқ ва яхши гапира олмайди. Тиббий ёрдам ва юртига жўнатиш керак. Юртдошлар, ёрдам беринг: мен бир ўзим эплолмайман. Унга ёрдам бераман деб ваъда қилдим!” Озодлик бу фото ва хатни Интернетга жойлаштирган аёлни топди ва у қандай қилиб Аҳмадали билан танишиб қолганини ўзидан тинглади. Маълум бўлишича, асли навоийлик Валентина Елецкаянинг эътиборини тиланчилик қилиб топган емишини ити билан бўлишаётган дайди кимса тортган.