У вашего броузера проблема в совместимости с HTML5
Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар, Яккасарой туманлараро суди Ўзбекистон халқ шоири, давлат мадҳияси муаллифи, марҳум Абдулла Ориповнинг хотини ва фарзандлари ўртасидаги мерос талашув бўйича ажрим чиқарди. Маълум бўлишича, Абдулла Орипов 2016 йил 5 ноябрда вафот этганидан кўп ўтмай, ундан қолган мол-мулкни тақсимлаш масаласида рафиқаси ва фарзандлари ўртасида келишмовчилик келиб чиққан. Абдулла Ориповнинг рафиқаси Ханифа Мустафаеванинг мол-мулкни тўлалигича ўзининг номига ўтказиш талабига олти фарзандидан икки нафари - Шоира ва Юлдуз Ориповалар қарши чиққан. Улар Абдулла Ориповдан қолган мол-мулк барча фарзандлари учун умумий бўлиши кераклигини талаб қилганлар. Суд ажрими 26 сентябрда Яккасарой туманлараро суди Ориповдан қолган мулкнинг катта қисми бўйича ажрим чиқарди. Судга тақдим этилган мустақил экспертиза хулосасига кўра, Абдулла Ориповдан мерос қолган мол-мулкнинг суд кўриб чиққан қисми 1 миллиард 54 миллион сўмга (тақрибан 130 минг АҚШ доллари) баҳоланган. 26 сентябрда чиққан суд ажрими асосида мулк қийматининг 7 фоизи, яъни салкам 83 миллион сўм (тақрибан 10 минг АҚШ доллари) отасидан қолган мероснинг ўзига тегиши мумкин бўлган улушидан воз кечишни истамаган 47 яшар қизи Юлдуз Ориповага берилди. Шоира Орипова ўзига тегиши мумкин бўлган улушдан синглиси Юлдуз фойдасига воз кечгани маълум бўлди. Суд Абдулла Ориповнинг қолган мулки - Қибрай туман, "Дўрмон" ҚФЙдаги 33 сўтихлик яна бир ҳовлиси юзасидан ажрим Чирчиқ туман судида кўриб чиқилишини маълум қилди.