Бу каби дарбадар ва ёрдамга муҳтож ўзбекларнинг сони минглаб. “Бундан кўра, бизни ўлдириб қўя қолсин”, - дейди бу қочқинлардан бири. "Қандай давлат, қандай вазифа, қандай иш бу?..", - дейди бошқаси.
Улар Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош Фарёб вилоятилик. Андхўй туманидан.
Туман яқинда толиблар билан қақшатқич жангларга саҳна бўлган ва ҳануз беқарорлигича қолмоқда.
Жанглар сабаб, ўз турар-жойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган минглаб одамлар эса, ортга қайтишга имконсиз, ён-атрофдаги туманлардан бошпана топишган.
Қишнинг совуқ кунларида қўлбола чодирларда яшашга мажбур, озиқ-овқат, кўрпа-тўшакка муҳтож.
Сатҳдан олинган тасвирларда уларнинг ораларида аёллар ва болаларнинг ҳам озмунча эмаслиги кўрилади.
Қочқинлар ҳам толиблар ва ҳам давлатнинг бомбалашлари остида болалар дохил кўплаб яраланганлар борлиги, шифохоналар улар билан тўлиб-тошиб кетганлигини айтишади.
Би-би-си Ўзбек Хизмати тумандаги вазият сабаб, уларнинг бу иддаоларини ҳозирча мустақил манбалардан тасдиқлашга имконли бўлганича йўқ.
Минтақадаги мухбиримизнинг айтишича, бугунга келиб, толиблар музокараларга рози эканликларини билдиришган.
Аммо эгаллаб олган мавқеъларидан ортга қайтмасликларини баён қилишган.
Уларга қарши ҳам ердан ва ҳам ҳаводан жанг олиб бораётган афғон ҳукумат кучлари ва раҳбариятининг бунга муносабатлари ҳозирча маълум эмас.
Мухбиримизнинг айтишича, афтодаҳол аҳволдаги бу қочқинларга ҳозир аста-секинлик билан турли кўринишдаги кўмаклар етиб кела бошлаган.
Бу масалада, айниқса, маҳаллий тужжорлар кўпроқ ташаббус кўрсатишмоқда, дейди у.
Андхўй бунгача Афғонистоннинг энг тинч шимолий туманларидан бири саналиб келинган.
Мамлакатнинг нисбатан бой ва геосиёсий жиҳатдан муҳим саноқли туманларидан бўлади. Туркманистонга бевосита чегарадошлиги ҳам бор.
Андхўйда азал-азалдан асосан ўзбеклар ва туркманлар истиқомат қилиб келишган.
Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2014 йилги оммавий сафарбарлиги ортидан, толибларнинг, айниқса, Афғонистоннинг аксарияти Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларида анчайин фаоллашгани кузатилади...
Видеолавҳамизни кўринг, улашинг ва ўз фикрингизни билдиринг...
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek