Ўзбекистон томонининг айни мазмундаги баёноти мамлакат Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги ҳукумат ҳайъатининг Афғонистонга ишчи ташрифи манзарасида янгради. Бу – Абдулазиз Комиловнинг қарийб бир йил ичида Афғонистонга амалга оширган иккинчи сафари бўлди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўтган йил охирида чорак аср деганда Афғонистонга амалий ташриф билан борган биринчи юқори мартабали ҳукумат мулозими бўлган. Янги президенти Шавкат Мирзиёев қудратга келган қисқа вақтнинг ичида расмий Тошкент Афғонистонга оид ташқи сиёсатини ҳам кескин ўзгартирган. Хавфсизлик призмаси орқали қараш сиёсатидан воз кечиб, Афғонистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни кучайтириш ва мустаҳкамлаш сиёсатини тутишларини баён қилган. Президент Шавкат Мирзиёев Афғонистон бўйича ўзининг махсус вакилини тайинлаган биринчи Ўзбекистон раҳбарига ҳам айланган. Ўзбекистон янги президенти бошчилиги остида янги дипломатик воситачи сифатида ҳам ўртагача чиққан, халқаро миқёсда афғон можаросига тинч йўл билан ечим топишга қаратилган жиддий сайъ-ҳаракатларини ҳам бошлаб юборган. Шу йил март ойида Тошкент олий даражадаги икки кунлик халқаро анжуманга ҳам мезбонлик қилган. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўтган ой кутилмаганда махсус баёнот билан чиққан, Афғонистон ҳукумати ва Толибон ҳаракатига яна бир бор ўз ҳудудларида юзма-юз музокаралар олиб боришни таклиф қилган. Афғонистон Толибон ҳаракати қарийб 20 йил, деганда Афғонистон ҳукуматининг таклифига кўнган, аммо расмий Кобул эълон қилганидек бир ҳафта эмас, Рамазон ойининг сўнгги уч кунида оташкесинга амал қилишга рози бўлган. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг баёноти ана шу тарихий оташкесиндан уч кун ўтиб эълон қилинган, унда мезбонлик таклифидан ташқари, расмий Тошкентнинг оташкесин жараёнининг давомий бўлишига оид умидлари ҳам ўрин олганди. Пойтахт Кобулдан олинган хабарларга кўра, Абдулазиз Комилов бошчилигидаги ҳукумат ҳайъатини шахсан Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг ўзи қабул қилган. Ўзаро мулоқотлар чоғида яна ҳар томонлама ҳамкорлик, хавфсизлик билан боғлиқ вазият муҳокама этилган, сулҳ жараёнига эътибор қаратилган. Ўзбекистон Термезда Афғонистон консуллигининг очилишига рози эканини ҳам тасдиқлаган. Ишчи ташрифи бу гал мусулмон уламоларининг Саудия Арабистони мезбонлик қилувчи ва Афғонистонда барқарорликни қарор топтиришга қаратилган халқаро анжуман арафасида кузатилган. Президент Мирзиёевнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашевнинг ёшларни турли хил оқимлар таъсиридан асрашда Ўзбекистон қанчалик тўғри йўлдан бораётганига оид сўзлари Афғонистон раҳбарининг МДҲ давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича махсус вакили Муҳаммад Шокир Коргар билан норасмий учрашув чоғида янграган.