Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси фаоллари уюштирган пикетлар ва Тошкент-Қўқон автойўлини тўсиш таҳдиди ортидан Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида газ ва электр таъминотидаги узилишлар камайди. Бу ҳақда Озодликка Альянс билан ҳамкорлик қилиб келган учкўприклик фаол Валиқўзи Қорабоев маълум қилди. - Баллондаги газни беряпти. Табиий газ йўқ аммо. Лекин халқнинг ўзида ҳам айб бор – ёққан газига пул тўламайди, шунинг учун табиий газ бермай қўйди. Баллонда ташиладиган газ йўқ эди, 2 кундан бери қишлоқларни машинада айланиб юриб, баллонларни тарқатяпти. Свет Ўзбекистонда паққос йўқмас, свет бор. Фақат булар халқнинг қонини ичиб, бир кунда 5-10 маҳаллаб ўчириб қўяверарди. Энди мана, Худога шукур, 4 кундан бери свет ҳам ўчгани йўқ. Озодлик: Мутлақо ўчмадими ёки аввалгидан камайдими свет ўчиши? - Камайди, 70% га камайди аввалгидан. Соат (тунги) 12 дан 3-4 гача ўчиряпти, холос. 12 дан кейин ўчирса, ўчираверсин, - дейди Валиқўзи Қорабоев. Эслатиб ўтамиз, яқинда Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги бир неча қишлоқ аҳолиси коллектив хат билан газ ва электр таъминотидаги узилишлардан шикоят қилиб, Тошкентдаги “Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси”га мурожаат қилганди. Ўтган жума альянс раҳбари Елена Урлаева учкўприкларнинг талаби бўйича Тошкентдаги Ҳукумат уйи олдида пикет уюштирган ва уларнинг талаби бажарилмайдиган бўлса, 27 июнь куни Тошкент-Қўқон автойўли тўсилиши ҳақида огоҳлантирганди.