Президент Каримов вафотидан сўнг Ўзбекистонда ҳокимиятнинг янги қўлга ўтгани Россия эстеблишментида Ўзбекистонга нисбатан баёнотларнинг янгича риторикада янграшига сабаб бўлди. Озодлик радиоси ўзининг янги "ГОВОРИТ МОСКВА" рукнида бу баёнотларни савол остига олади.
«Ўзбекистонда Россия бизнеси аҳволи ёмонлашади»
Қатор рус экспертлари ва соҳа мутахассислари билдираётган бу фикрлар маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали тарқатилмоқда.
- Сибирь ва Ўзбекистон ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар мавжуд. Ўзбекистондан корхоналаримизга хом-ашё, озиқ-овқат ва мева-полиз экинлари етказилиши давом этмоқда. Ўзбекистон эса Россия буғдойи ва уни учун энг йирик бозордир. Шу сабабли Ўзбекистондаги ҳар қандай жанжал-тўполон, қон тўкилиши ва қирғин бевосита Омск, Олтой, Оренбург, Қўрғон, Саратов вилоятларига, бошқа жойларга ўз таъсирини ўтказади, дейди «Выбор России» жамоатчилик ҳаракати етакчиси Владимир Рижков.
Расмий маълумотларга кўра, Россия-Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 2 миллиард 837 млн долларни, жумладан Ўзбекистондан Россияга чиқарилган товарлар ҳажми 602 миллион АҚШ долларини ташкил этди.
Аммо, рус тадбиркорлари ва расмийлари Ўзбекистонда фаолият юритиб келган Россиянинг «МТС», «Вимм-Билль-Данн» каби ширкатлари фаолияти тўхтатилганини ҳам ёдга олмоқда.