Исмоил отанинг 72-баҳори
Қашқадарёлик оқсоқол Исмоил ота Раҳматуллаев бу йилги қишдан ўлмай, соғ-саломат чиқиб олганига хурсанд. То пенсияга чиққунига қадар чорвадор бўлган 72 ёшли Исмоил ота Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келган қаҳратон совуқда ҳам ХХI асрнинг 2007 йили қишидаги каби қийналмаган экан.
“Ўзбек дунёси”га ўзининг дунёсини очар экан, отахон сўнгги ўн саккиз йил ичидаги энг қувончли кунларим шу кунлар, деди. Ўзимни баҳорнинг офтобига солиб ўтирибман, деди.
Исмоил ота гапиради:
“Шу ëшга киргунимча ҳаëтимда 4 та энг оғир қишни кўрдим. Биринчиси 1943-1944 йилдаги қиш, иккинчиси 1964-1965, учинчиси 1969, охиргиси 2007 йилдаги ўтган қиш. Буларнинг ичида менга энг оғири бу йилги қиш бўлди. 1943-1944 йилларда оғир уруш йиллари бўлса ҳам биз сандал қилар эдик, ўчоқ қилар эдик. Бир бало қилиб уйимизни қиздирар эдик. Онамиз ҳарна бизни сандалда сақлаб, совуққа олдирмай олиб чиққан эди. Бу ерда энди 5 қаватли уйда турамиз. Бу йил совуқдан ўлиб қолаëздик. Айниқса, бу йил қишда бир қизиқ ўйин бўлди. 2007 йилнинг 22 ноябрь куни кранимиздан иссиқ сув келиб қолди. “Худо берди, хайрият. Бу ëқда қиш келяпти. Энди яхши бўлади, шекилли”, деб хурсанд бўлиб ванналарга сув олиб, ювиниб кайфиятимиз кўтарилган эди. Сув тармоғининг одамлари чопа-чоп қилиб келиб: “Иссиқ сув келдими? Ҳаммаси яхшими?” деб сўраб, анча меҳрибончилик кўрсатди. Биз ҳайрон қолдик. 23 декабрь куни сайлов бўлиб ўша хурсандчилик эвазига президентни сайладик. 25 декабрь куни кранимиздан келиб турган иссиқ сув тўхтади. Ана энди томошани кўринг. Бу ҳаëтнинг масхарабозлигини кўриб ҳайрон қолдик. Совет давридан қолган кийимларимни кийиб юрибман. Кундан-кунга ҳаëт оғирлашиб боряпти. Нафақа, ойлик, маошларни ҳар замонда президентимиз кўтаряпти. То бу ошган нафақа келгунча нарх-наво 2-3 баробар бўлиб кўтарилиб кетяпти. 1 апрелда ойликлар ошди ва ун, ëғ, шакар ва бошқа маҳсулотлар нархи ниҳоятда кўтарилиб кетди. Ўтган йил октябрь ойида килограмми 200-250 сўм турган картошка ҳозир 800 сўм. Рўзғорга кунда кетадиган нарсаларни оладиган бўлсак, бир суткада энг камида 8000 сўм кетади. Ҳар замонда ярим кило гўшт олишга тўғри келади”.