Қарши милицияси бошлиғи буғдой режасини бажара олмаган фермерларни аëвсиз калтакламоқда
У вашего броузера проблема в совместимости с HTML5
Қашқардарё вилояти Қарши туманида буғдой режасини бажара олмаган фермерлар туман Ички ишлар бўлими бошлиғи томонидан мунтазам калтакланмоқда. 27 июнь куни шундай иддао билан жабрланган фермерларнинг ўзлари Озодликка мурожаат қилди. Озодлик гаплашган қаршилик фермерлар, милиция бошлиғи планни бажармаганларни бир сафга тердириб, икки марта калтаклагани ва қўшни фермерлардан буғдой сотиб олиб, режани бажаришни талаб қилганини ҳикоя қилди. Қарши туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Жаҳонгир Ражабов Озодлик саволларига жавоб беришдан ўзини олиб қочди. Икки марта калтакланган фермер ҳикояси Қарши туманидан Озодликка мурожаат қилган бир неча фермер бу йил сув танқис бўлгани учун буғдой режасини бажара олмаганларини билдирди. Фермерлар иддаосига кўра, 19 июндан бери режани бажармаганлар туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Жаҳонгир Ражабовнинг жисмоний таҳқирига нишон бўлмоқда. “Абдуғафуров Муҳаммад” фермер хўжалиги раҳбари¸ 33 яшар Раҳматулло Хўжамуродов район милицияси раҳбари зўравонлигига учраганлардан бири: - Бундан 10 кунча олдин участковой мени Ҳалима опа фермернинг дала шийпонига олиб борди. Ўнтача фермерни олиб келишган экан. Ҳаммамизни бир қатор қилиб сафга териб қўйишди. Милиция бошлиғи Жаҳонгир Ражабов келди-да, бир четдан “режани бажардингми”¸ деб сўрай бошлади. Кимдир 10 тонна, кимдир 15 тонна етмади, дейиши билан қулочкашлаб юзимизга ура бошлади. Қулоқнинг тагига, башарага икки қўли билан икки тарафдан ураяпти, дейди Озодлик билан 27 июнь куни гаплашган фермер.