Президент маъмуриятига Бош прокурор номидан жўнатилган хатнинг Озодликка келиб тушган нусхасида "UZ" доменида "носоғлом фикр"ларга таянилган диний материаллар кўпайганидан хавотир билдирилгани маълум бўлди.
Хатда диний материалларни тарқатиб келаётган мустақил веб-ресурслар номи тилга олинган ва уларни ўқиётганлар сони сўнгги икки йилда кунлик 35 мингдан 66,5 минг нафарга ошгани айтилган.
Прокуратура бундай материалларга қарши тезкор чора кўриш механизмини ишлаб чиқишни таклиф қилган.
Ҳужжат
27 январь куни Озодликка келиб тушган 3 варақли расмий хат унвонидан унинг жорий йил 2 январида ёзилганини, хатни Бош прокурор Н.Т.Йўлдошев имзолаганини кўриш мумкин.
Озодлик эълон қилаётган хат нусхаси суратида унинг қайд рақами, имзо ҳамда адресатга оид маълумотлар манбалар хавфсизлигини кўзлаб ошкор қилинмаётир.
Озодлик бу хатнинг асл нусхасини кўргани йўқ.
Аммо ҳужжатда тилга олинган маълумотлар Интернетда мавжудлигига ва хатнинг мазмуни муқаддам келган айрим бошқа ҳужжатларнинг мантиқий давоми эканига Озодлик амин бўлди.
"UZ" доменига оид рақамлар
Ҳужжатда 2018-2019 йиллар давомида "UZ" доменида диний материалларни чоп этиб келаётган мустақил ресурслар таҳлили баён қилинган:
- Сўнгги 2 йилда Интернетдаги ахборот нашларидан фойдаланувчилар сони 20 миллионга етган.
- Диний материаллар тарқатувчи мустақил сайтларга кирувчилар кунлик сони эса 35 минг нафардан 66,5 минг кишига ошган. Айтилишича, бу кўрсаткич Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий сайтига кирувчилар сонига нисбатан беш бараварни ташкил этади.
Диний "носоғлом фикрлар"
Хатда мустақил Интернет ресурсларида чоп этилаётган материаллар диний экспертизадан ўтказилмаётгани алоҳида қайд этилган.
"Мазкур манбаларда жамиятни исломлаштириш, исломий ҳаёт тарзи ва кийинишга ўтиш, болаларга мажбурий исломий таълим бериш, мусиқа тўгаракларини тақиқлаш, шариат қоидаларини расмий қонунлардан устун қўйиш каби носоғлом фикрларни (таъкид хат муаллифиники) илгари суриш ҳоллари ҳам кузатилмоқда", дейилади ҳужжатда.
Носоғлом фикрлар ҳақида гап кетаркан, алоҳида сайтлар ва уларда чоп этилган мақолаларнинг номлари келтирилган. Озодлик бу сайтлардан баъзиларини кўздан кечирди ва номи тилга олинган мақолалар ҳануз осиғлиқ турганига гувоҳ бўлди.
Ушбу мақолаларда ҳукумат қарорлари муҳокама қилинган ва уларнинг айримлари шариат қонунларига зид экани ҳақида хулоса берилган.