У вашего броузера проблема в совместимости с HTML5
Ўзбек-қирғиз чегарасидаги Косонсой сув омбори ҳудудида 18 августга ўтар кечаси ўқ отилди. Бир неча кун аввал айни шу ҳудудда Косонсой туман Ички ишлар бўлими милиционерининг Қирғизистон кучишлатар тизими ходимлари томонидан “ноқонуний қурол олиб юриш”да айбланиб қўлга олингани айтилмоқда. Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Жениш Раззаковнинг маҳаллий матбуотга билдиришича¸ 17 август куни соат 22 лар чамасида номаълум шахслар Ўзбекистон томондан Қирғизистон чегарасига яқинлашган ва қирғиз чегарачилари уларни тўхтатиш учун огоҳлантирув ўти очишга мажбур бўлган. Бишкек расмийси бу воқеани Ўзбекистон фойдаланиб келаётган Косонсой сув омборига яқин ҳудудда отишма бўлди¸ деб талқин этишга асос йўқлигини таъкидлади: “Улар чегарачиларнинг ортга қайтиш тўғрисидаги талабларига бўйсунмаган. Шундан сўнг қирғиз чегарачилари осмонга қарата огоҳлантирувчи ўқ отган. Ўқ отилгач, номаълум шахслар қочиб кетган. Уларни қувиб етиш ва қўлга олиш имкони бўлмаган. Отишма бўлгани тўғрисидаги хабар эса ҳақиқатга тўғри келмайди”, деди Жениш Раззаков.