Қўқонлик 27 яшар Муштарий Ғаниева, эрининг айтишича, шаҳар туғруқхонаси врачларининг эътиборсизлиги оқибатида туғруқдан сўнг вафот этди. Муштарийнинг ортида чақалоғи ва 7 ёшли қизи қолди.
Марҳуманинг эри Даврон Ғаниев касалхонада оғир аҳволда ётган хотини учун сунъий нафас олдириш аппаратини вилоятдаги бошқа касалхоналардан излаганини ҳам айтиб берди.
Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъулларидан бири аёлнинг вафот этганини тасдиқлади, вилоятдаги касалхоналарда мавжуд техника воситалари эскирганини тан олди.
Бошқарма масъулларидан яна бирининг айтишича, ҳозирда Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг раҳбарияти Қўқон шаҳрида бу ходисани жойида ўрганмоқда.
"Шифокорлар хотинимнинг комага тушиб қолишига сабаб бўлишди"
Муштарий Ғаниеванинг турмуш ўртоғи Даврон Ғаниевнинг Озодликка айтишича, 17 декабрь куни Қўқон шаҳар туғруқхонасига ётқизилган хотини 2 январь куни оламдан ўтган.
- Кўпайишганимиздан кейинги аҳволи жуда чатоқ эди. Кучанганда майда қон томирлари ёрилиб кетган экан. Врачлар “бу ўтиб кетадиган нарса”, деб эътибор беришмади. Аммо хотинимнинг ичидан қон келаверди. Врачларга “текширинглар” десам, “Бу туғруқники, ўтиб кетади”, деб жавоб беришди. 20 декабрда охири хушидан кетиб, комага тушиб қолди. Шундан сўнг Фарғонадан келиб операция қилишди. Аммо 2 январь куни хотиним узилди,- деди Даврон Ғаниев.
Муштарий Ғаниеванинг чақалоғи ҳозирда отаси қарамоғида. Даврон Ғаниевга кўра, қиз чақалоқнинг саломатлиги яхши. Муштарий ва Давроннинг бундан ташқари 7 ёшдаги қизи ҳам бор.