У вашего броузера проблема в совместимости с HTML5
Ўзбекистон Халқ артисти, ўзбек телеэкранидаги ҳажвий роллари билан ўткан асрнинг 70- йилларида машҳур бўлган Ҳусан Шарипов 26 июнь куни 81 ёшида оламдан ўтди. Кинорежиссер Али Ҳамроев Озодлик билан суҳбатда “Ҳусан Шарипов комедия ролларини трагедия қилиб ўйнайдиган моҳир актëр эди¸” дея эслади. 1959 йилдан бошлаб Муқимий театрида ишлаган актëрнинг 1971 йилда Шавкат Жунайдуллаев суратга олган “Учрашув” комедиясида ижро этган роли билан бир кунда машҳур бўлгани эсланади. Айни фильмда “Тошкент пиëласи"¸ "Паркент мураббоси” дея айтилган жумлалар кейинчалик халқ орасида мақолу маталга айланиб кетган. “Мен бу артистнинг нафақат комедия¸ балки жиддий ролларни ижро қила олишини “Водиллик келин” деган фильмни суратга олиш жараëнида кашф қилдим. Италиянинг неореалистик киноларидаги образга ўхшаган трамвай ҳайдовчиси образини кўрсангиз ҳам куласиз¸ ҳам маъюс бўласиз. Йиғлаб туриб кулиш¸ кулиб туриб йиғлаш ва айни пайтда томошабинни жиддий ўйга толдириш каби мураккаб вазифани Ҳусан Шарипов қойилмоқом қилиб бажарган эди. Роль яхши чиққанидан севиниб¸ қўй сўйган эди раҳматли. Ҳусан ака бор жой байрамга айланиб кетар эди. Аския¸ қийқириқ кулги¸ ичакузди латифаларни йўл-йўлакай айтиб кетаеверарди¸ орқасида доимо бир гуруҳ шинавандалари эргашиб юрарди. Бу қора хабарни сиздан эшитиб¸ дўстимдан ажралганимдан куюндим. Жойи жаннатда бўлсин”¸ дейди Али Ҳамраев. Ҳусан Шарипов «Бомба», «Чинор тагидаги дуэль», «Тангалик болалар», «Келинлар қўзғолони» каби фильмларда яратган образлари билан томошабинлар хотирасида қолди.