Сурхондарё вилоят прокуратурасининг Ангор туман 2- ижтимоий-иқтисодий секторини ўрганишга юборилган прокурори Музаффар Маматмуродов икки маҳалла оқсоқоли ва котибини 25 апрель куни кўпчиликнинг олдида қаттиқ ҳақорат қилди.
Бу ҳақда Озодликка арз қилган маҳалла котибига кўра, иш кийимида бўлган прокуратура мулозими, ҳеч қандай айб билдирмасдан, уларни бўралаб сўккан ва унинг ҳақоратига эътироз билдирган котибга қаматиш билан таҳдид қилган.
Прокурор маҳалла котиби ва оқсоқолини ҳақорат қилганини тан олмади.
Янги саҳифани очинг
Ангор туманининг прокурор назоратидаги ижтимоий-иқтисодий 2-секторига чақиртирилган Охунбобоев маҳалласи котиби, 30 яшар Эркин Гаппаров ва Новшаҳар маҳалла фуқаролар йиғини раиси, 50 яшар Хўжамурод Раҳмонбердиев 25 апрель куни вилоят прокуратураси мулозими Музаффар Маматмуродов томонидан қаттиқ ҳақорат қилинганини иддао қилаётганлардан бири - Эркин Гаппаров хабар қилди.
Унинг айтишича, бу воқеа кўпчиликнинг олдида содир бўлган:
- Новшаҳар маҳалла раиси Хўжамурод ака билан бирга бордик. 2-сектор биноси олдида вилоят прокуратурасидан келган Музаффар Маматмуродов, туман маҳалла жамғармаси мулозими Абдузоир ака, ўша маҳалла участка нозири бирга туришган экан. Биз салом бердикда, ёнларидан ўтиб кетаётган эдик, бир вақт орқамиздан “ҳей к...тлар, қаерга боряпсизлар”, деган овоз эшитилди. Орқага қарасам, прокуратура мулозими бизга гапираётган экан. Тўхтаб, қайрилдик. Маматмуродов менга, “ким бўлиб ишлайсан”, деди. Мен “котибман”, десам, “ҳе онасини с... ўша раисингни, сен к...тларни” деб сўкиб кетди, - деди маҳалла котиби.