Матлуба Комилова - Ўзбекистон унутган сиёсий маҳбус
У вашего броузера проблема в совместимости с HTML5
Ўзбекистон пахтазорларида болалар мажбурий меҳнатга жалб қилинишига қарши курашган ва 2010 йилда ўн йилдан ортиқ муддатга қамалган Матлуба Комилованинг исми сўнгги беш йил давомида иккинчи бор тилга олинди. Ҳар иккала ҳолатда ҳам Матлуба Комиловани Қўшма Штатлар ёдимизга солди.
2011 йил 8 апрелида АҚШ Давлат департаменти эълон қилган ҳисоботда 2010 йилда қамалган ҳуқуқ фаоли Матлуба Комилова сиёсий маҳбус сифатида эътироф этилган.
Иккинчи марта ҳуқуқ фаолининг исми 1 сентябрь куни АҚШнинг БМТдаги элчиси Саманта Пауэр ташаббуси ортидан Қўшма Штатлар бошлаб берган #FreeThe20 (20 одамни озод этинг) кампанияси доирасида тилга олина бошланди.
Human Rights Watch халқаро ташкилоти бир неча йил олдин ангренлик собиқ коллеж директори ва ҳуқуқ фаоли Матлуба Комилова ўзининг сўз эркинлиги ҳуқуқи таъминланиши учун курашгани ортидан қамалганини эътироф этган.
Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева Матлуба Комилова билан ҳамкорликда ишлаган. Урлаева ҳамкасбининг фаолияти ва кейинги тақдири ҳақида қуйидагиларни айтиб берди:
-У болаларни пахтага мажбурий олиб чиқилиши юзасидан маълумотлар берар эди. Чунки у Ангрендаги коллеж директори бўлган. Бундан ташқари Матлуба Комилова ҳуқуқ фаоли сифатида бир қатор халқаро ташкилотларнинг лойиҳаларида иштирок этган эди. Унинг бу фаолияти ҳукуматга ёқмагани учун унга нисбатан жиноят ишини соҳталаштиришган. Унинг машинасини Ангрен марказида милиционерлар тўхтатиб, машина ичидан гўёки наркотик моддаларни топишган. Оқибатда уни гиёҳванд модда учун суд қилишди. Ҳозир аниқ эсимда йўқ, адашмасам, Матлуба Комилова ё 11 йилга, ё 12 йилга амнистия ҳуқуқисиз озодликдан маҳрум этилган, -деди Елена Урлаева.