Қорақалпоғистоннинг Шуманай туманида истиқомат қилган милиция ходими томонидан зўрланган қиз ўз жонига қасд қилган. Сирка ичган қизнинг ҳаёти касалхонада сақлаб қолинган. Маҳалла фаолларига кўра, милиция ходимлари ва қизнинг қариндошлари ўзаро келишиб олиб, ишни бости-бости қиляпти.
Шуманай туманининг Бегжап овул фуқаролар йиғини яшовчисига кўра, айни ҳудудида истиқомат қиладиган милиция ходими 43 яшар Р.К.(айбсизлик презумпциясига кўра, милиция ходими ва қизнинг исми ошкор қилинмайди – таҳририят) 2 август куни туғишган акасининг 18 ёшли қизи номусига тажовуз қилган.
Манбанинг айтишича, воқеа милиция ходимининг уйида юз берган:
- Ака-укалар бир маҳаллада, деярли қўшни яшайди. Р. ўша куни жиянини уй ишларига ёрдам беришга чақирган. Хотини ва болалари отасининг уйига меҳмонга кетган экан. Мазам йўқ, мени массаж қилиб қўй деган. Кейин жиянини номусига теккан. Қиз бу воқеадан сўнг уйига қочиб келиб, сирка ичган. Касалхонада врачлар унинг ошқозонини ювиб, ҳаётини сақлаб қолишган, деб айтди бу манба.
Унинг айтишича, тез тиббий ёрдам бу ҳақда милицияга хабар берганидан сўнг иш милиция назоратига тушган ва қиз терговчига унинг зўрлангани ҳақида касалхонада ариза ёзиб берган:
- Р. аввал Шуманай ИИБда ишлаган, ҳозир Хўжайли ИИБда ишлайди. Банкда қоровуллик қилади. Унинг касбдошлари ва қизнинг қариндошлари ўзаро келишиб, бу ишни бости-бости қилишмоқчи бўлишяпти. Қизни амакиси зўрламаган, дейишяпти. Бўлмаса нега у уксус ичади? Нега жонига қасд қилади? - деди манба.