У вашего броузера проблема в совместимости с HTML5
Ўзбекистон президентининг фармонига биноан, мурожаатлар тўғрисидаги қонун талабларини бузган раҳбарлар ва мансабдор шахслар бундан буён жазоланади, ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Шу йўл билан маҳаллий раҳбарларнинг халқ билан мулоқотини яхшилашга қарор қилган Шавкат Мирзиёев энди жойларда халқ қабулхоналари очмоқда ва уларга бевосита ўзига ҳисоб берувчи ходимларни қўймоқда.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 28 декабрда имзолаган "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига кўра, халқ қабулхоналари президент девонида ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, шунингдек ҳар бир туман ва шаҳарда ташкил этилади. Бундан ташқари Президентнинг виртуал қабулхонаси ҳам ишлайди.
Фармондан асосий мақсад, "аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги ва самарали тизими фаолиятини таъминлаш" эканлиги айтилди.
Бош вазир виртуал қабулхонасига шу пайтгача қарийб 330 мингта шикоят тушганидан сўнг Шавкат Мирзиёев 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб атади. Фармонда ҳам асосан шу мақсадда халқ қабулхоналари очилаётгани ва маҳаллий раҳбарларнинг халқ дардига қулоқ солишга, унинг муаммоларини ҳал қилишга мажбур этилаётгани таъкидланган.