Баҳор келиши билан юртимиз қайтадан жамол очади, гулга бурканади, далаю қирларга ям-яшил ва қип-қизил пояндозлар ёйилади. Ободлик кўнгилдан, ватан маҳалладан, баҳор эса... қабристондан бошланади. Омонат ҳаётнинг рамзи бўлган қизғалдоқлар аввалам бор умрларини ҳалол яшаб ўтган пок инсонларнинг қабрлари устида ва содда меҳнаткашларнинг гувалакдан қурган девори ва лойсувоқ томида очилади. Ҳар хил йўллар билан бойиган одамлар солган ҳашаматли уйларнинг рангдор тунукалар билан ёпилган баланд томларига қизғалдоқ тугул, оддий гиёҳ ҳам ўсмайди... Чунки у томларда риё бўлиши мумкину, лекин тупроқ йўқ! Асли тупроқдан яралган, аммо беш кунлик дунёга алданган одамларнинг ўзи ҳам, солган уйлари ҳам ердан ажралган. Худди илоҳдан ажралган руҳдай... Муҳтарам замондошим, Агар баҳор фаслида биринчи очилган қизғалдоқни кўрмоқчи бўлсангиз, тўғри “Сармозор”га боринг ёки ҳовлингиз деворидаги лой сувоққа боқинг... Муаллиф китобнинг сўнги муқовасига юқоридаги сўзларни қайси ниятда битган? “Гулистон кўнгиллар ифори” китоби нима ҳақда, деган саволларга бугун биз Бегижон Аҳмедов билан бўладиган учрашувда тўлиқ маълумотга эга бўламиз.