Музработда туғруқхона таъмири учун аҳолидан пул йиғилаяпти
У вашего броузера проблема в совместимости с HTML5
Сурхондарё вилояти Музработ тумани “Гулистон” маҳалласи ҳудудида жойлашган туғруқхонани таъмирлаш учун ҳар бир хонадондан 10 минг сўмдан пул йиғилмоқда. Бундан ташқари ушбу туғруқхонанинг ишчи-хизматчилари ойлигидан ҳам таъмир учун пул ушлаб қолинмоқда. Мутасаддилар бу ҳолатни тасдиқлаб, туғруқхонага канализация ўрнатиш ҳаражатлари учун аҳолидан жами 5 миллион сўм йиғиш зарурлигини айтишди. Июнь ойининг бошидан буён ушбу туғруқхона ходимлари уйма-уй юриб, аҳолидан таъмир учун пул йиғаяпти. Бу ҳақда Озодликка хабар берган музработликка кўра, икки нафар ҳамшира келиб, туғруқхонани таъмирлаш ҳаражатлари учун ёрдам беришни сўраган: “Ҳар бир хонадондан 10 минг сўмдан йиғишаяпти. Бизникига келганига икки кун бўлди. Ремонт учун ёрдам беринглар, деб сўраяпти. Кимдир бераяпти. Кимдир эса йўқ”, дея хабар қилди исмини ошкор қилмаётганимиз музработлик манба. Маълум бўлишича, жорий йилнинг май ойи ўрталарида Музработ туманининг жами еттита маҳалласи аҳолисига хизмат кўрсатувчи туғруқхонани канализация йўқлиги боис ёпиш ҳақида юқоридан хабар келган.