Наманган вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ҳибсга олинган. Наманган вилояти ҳуқуқ-тартибот идорасидаги Озодлик манбасига кўра, бошқарма бошлиғи пора олиш, хизмат мансабини суиистеъмол қилиш каби жиноятларда гумонланмоқда. Наманган вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи (Озодлик радиосида унинг исм-фамилияси мавжуд¸ аммо айбсизлик презумпцияси боис ошкор қилинмайди - таҳр.)ноябрь ойининг бошида ҳибсга олинган. Бу ҳақда хабар берган Озодликнинг вилоят ҳокимлигидаги манбасига кўра, собиқ бошлиқни миллий хавфсизлик хизмати ходимлари олиб кетган: “Уни МХХчилар олиб кетишди. Ҳозир “ичкарида” экан. Айтишларича, унинг устидан роса кўп ариза тушган экан, Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига ҳам порахўр деб ёзишган экан”, деди манба. Наманган вилояти ички ишлар бошқармасида ишлайдиган Озодлик манбаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғининг коррупция ва молиявий жиноятларда гумонланаётганини айтди: “Мени билишимча, унга нисбатан пора олиш, жумладан, қоидабузарлардан олинган жарима пулларини талон-тарож қилганлик, мансабини суиистеъмол қилиш каби жиноятлар бўйича жиноят иши очилган. Айни пайтда тергов давом этяпти. Унинг жиноий ишига боғлиқ бошқа ходимлар ҳам терговга чақиртирилиб, сўроқ беряпти”, деди ички ишлар бошқармаси мулозими.