Андижоннинг Эски шаҳар мавзесида ички ишлар бўлими ходимлари рўмол ўраган аёлларни тўхтатиб, рўмолини томоқ тагидан ўрамасликни талаб қилмоқда. Бунга рози бўлмаган аёлларнинг манзиллари ёзиб олиниб, участка нозирларига топшириляпти. Ҳатто, Рамазонда рўмоллиларга бундай муносабат аҳолида норозилик уйғотмоқда.
Қўқон ва Марғилонда бошланган томоқ тагидан рўмол ўраган аёлларнинг рўмолларини ечтириш кампанияси мусулмонлар учун муқаддас бўлган Рамазон ойида Андижонга ҳам етиб келди.
Бу ҳақда Озодликка хабар берган бир-биридан мустақил манбаларнинг айтишича, Андижоннинг Эски шаҳар мавзесида эркак ва аёллардан таркиб топган милиционерлар гуруҳи томоқ тагидан рўмол ўраган аёлларни рўмолларини орқадан боғлашга ундамоқда:
“Эски шаҳар мавзесида жойлашган Тож Маҳал савдо мажмуаси ёнида орган ходимлари рўмол ўраган хотинларни тўхтатиб рўмолини ечишга ҳаракат қилаётганини ўз кўзим билан кўрдим. “Рўмолингни еч ёки тепадан ўра, дейишяпти. Бунга рози бўлмаганларни эса манзилини ёзиб олиб участка нозирига беришяпти”, деди андижонлик манба.
Бошқа бир андижонликнинг айтишича, қаттиқ норозилик билдирган аёллар участка нозири кабинетига олиб кирилиб, тушунтириш хатлари ёзиб олиняпти:
“Асосан, аёл милиционерлар хотинларни тўхтатиб шу ишни қиляпти. Уларнинг ортида эркак милиционерлар кузатиб турибди. Адресларини бермаганларга эса таҳдид қилиняпти”, деди иккинчи манба.