У вашего броузера проблема в совместимости с HTML5
Президент Мирзиëев 19 март куни ўтказган видеоселекторда ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш ва уларни китоб ўқишга қизиқтиришни топшириши ортидан бутун мамлакат бўйлаб янги кампанияга старт берилди.
Турли давлат идоралари ва ҳокимлик мутасаддилари мактабларга бориб¸ китоб совға қилиш¸ ҳар хил спорт мусобақаларию китобхонлар учрашуви ташкиллаштиришга киришиб кетди.
Озодликка келган хабарга кўра¸ Тошкент вилоятида ўқитувчилар президент ташаббус ижроси учун “тажриба қуëнчаси”га айланган Бўка туманига юборилиб¸ бу ерда уйма-уй юриб ота-оналарни боласини “ўзи йўқ” тўгаракларга ëздиришга тарғиб қилмоқда.
Озодлик боғланган Халқ таълими вазирлиги вакили ҳозирча бундай жараëндан бехабарлиги¸ агар шундай ҳолат бўлган бўлса¸ унинг “нотўғри” эканини билдирди.
Ўқитувчилар яна уйма-уй юришга ҳайдалди
Озодликка Янгийўл шаҳридаги мактаб ўқитувчилари номидан юборилган мурожаатга кўра¸ ўтган ҳафта юзлаб янгийўллик ўқитувчи асосий иши ва дам олиш кунини қўйиб¸ 60 км масофадаги туманга президентнинг ëшлар ва хотин-қизларга оид 5 ташаббусини ташвиқ қилишга юборилган.
“Янгийўл шаҳрида сектор раҳбари ҳоким яна ўқитувчиларни якшанба куни Бўка туманига бориб¸ уйма-уй юриб, аҳолини президентнинг 5та ташаббуси бўйича ташвиқот қилишга мажбурлаяпти. Мудир ва директорлар биз ўқитувчиларни ўз ёнимиздан йўл кира қилиб Янгийулдан Бўкага юборди”¸ дейилади 28 апрель куни Озодликка янгийўллик ўқитувчилардан келган мурожаатда.