Швеция ҳукумати ҳам Гулнора Каримовани гумонланувчи деб эълон қилди
У вашего броузера проблема в совместимости с HTML5
Швеция бош прокуратураси Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовани катта миқдорда пора олганликда гумон қилмоқда. Швеция терговчиларининг Озодликка айтишича, мамлакатнинг TeliaSonera ширкати Гулнора Каримова назоратидаги фирмалар орқали унга пора берганини кўрсатувчи далиллар қўлга киритилган. Икки ҳафта аввал Швейцария прокуратураси ҳам Ўзбекистон раҳбарининг қизи катта миқдорда пул ювиш жиноятида гумон қилинаётганини эълон қилган эди. Гулнора Каримова шахси билан боғлиқ жиноят терговлари ҳозирда Европанинг бир неча мамлакати ва АҚШда олиб борилаётгани маълум.
Душанба куни Стокҳолмда ўтказилган матбуот анжуманида бу ҳақда маълум қилган Швеция Бош прокуратурасининг коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Гуннар Стетлернинг Озодликка айтишича, терговчилар ихтиёрида бу гумонларга етарли асос берадиган далиллар бор.
- Гулнора Каримова биз тергов қилаётган порахўрликка алоқадорлигини кўрсатувчи етарли далиллар бор. Бу далиллар қандай эканини сизга очиқлай олмайман, лекин шуни айтишим мумкинки, охир-оқибат TeliaSonera Гулнора Каримова назорат қилган ширкатлар ҳисоб рақамларига пул ўтказганини кўрсата олишга муваффақ бўламиз. Бу бизнинг гумонларимиз ва бу гумонларимизга асос бўла оладиган етарли далилларимиз бор. Биз яна қўшимча далилларни қидиришда давом этамиз. Ҳозирда Гулнора Каримовани айблаш учун етарли далилларимиз йўқ, лекин уни гумонлаш учун етарли далилларимиз бор, деди швед терговчиси.