Сирдарёнинг Мирзаобод туманида милиция, ҳокимият ва электр тармоғи идораси вакиллари уйма уй юриб, пахтага чиқмаган хонадонлар электр симларини кесиб кетмоқда. Озодлик боғланган расмийлар бу хабарни тасдиқлай туриб¸ тадбирнинг "электр энергиясидан қарздорлик"ка барҳам бериш мақсадида амалга оширилаëтганини иддао қилди.
Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги Ойдин маҳалласидаги аксар хонадонларнинг электр тармоғидан узиб қўйилгани ҳақидаги хабар шу туманда истиқомат қилувчи Озодлик манбасидан 2 октябрь куни келди:
"Бугун уйда ҳеч ким йўқ эди. Кечқурун келсак бизнинг кўчадаги ҳамма уйларнинг светини бир чеккадан кесиб кетибди. Айтишларича¸ бизда ҳаммадан кўп қарз бор экан. Электриклар шу даражада "наглий" бўлиб кетибдики¸ ҳатто эгаси йўқ уйнинг ҳовлисига кириб, томга чиқиб светни узишибди. Биз электр пулини тўлаганмиз, қарзимиз йўқ эди. Лекин яна қаердандир қарздор қилиб қўйишибди", деб ёзади Озодлик манбаси.
Давлат корхоналаридан бирида ишлайдиган мирзаободлик Ўктамжон ҳамшаҳари ёзган мактубдаги гапларда жон борлигини айтар экан, сим кесишларнинг пахта терими билан боғлиқ эканини қўшимча қилади:
- Уч кундан буён вазият жуда оғирлашди. Бозорлар, дўконлар ҳаммаси кечгача ёпилди. Тошкентдан келган мелисалар ҳокимият вакиллари, электрчилар билан бирга юриб ҳаммани пахтага қуваяпти, чиқмаганларнинг светини кесиб ташлаяпти. Асосан пахта учун бўлаяпти, деди Ўктамжон.