Тошкентда Конституция қабул қилинганининг 21 йиллигига атаб мамлакатдаги энг йирик савдо маркази - MAKRO гипермаркети очилди. Озиқ-овқат ва кийим-кечак дўконлари, кўнгилочар ўйинлар маркази ва 5D кинотеатри бўлган тўрт қаватли савдо марказининг пойтахтдаги MEGA PLANET гипермаркетидан икки баробар катта экани айтилмоқда.
Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида 8 декабрь - Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишлаб мамлакатдаги энг йирик савдо маркази очилди.
Умумий майдони 5 минг 500 квадрат метр бўлган яп-янги 4 қаватли савдо маркази "MAKRO гипермаркети" деб номланди.
8-декабрь куни ишга тушган савдо марказининг 1-қавати -- озиқ-овқат ва хўжалик маҳсулотлари сотиладиган MAKRO дўконига ажратилган.
Ушбу дўконда ишлайдиган бир неча ходим Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда илк кунларданоқ одам гавжумлигини айтди.
"Нима хоҳласангиз, ҳамма нарса бор. Озиқ-овқат, рўзғорда керак бўладиган майда-чуйда нарсалар. 28 та касса бор", деди озиқ-овқат дўконида иш бошлаган ходимлардан бири.
MAKRO гипермаркети яна бир ходими дўконни мамлакатдаги энг катта дўкон, деб таърифлади ва ҳозирча 2-, 3-, 4- қаватлари тўлиқ ишга тушмаганини айтди.
"MEGA PLANET дан икки баробарга каттада. Иккинчи қават тўлиқ кийим-кечак бўлади. У ерда ҳамма брендлар бўлади. Секин-секин очилаяпти дўконлар, аренда. Учинчи қават игровой площадкалар бўлади, тўртинчи қаватда кинотеатр ва овқатланадиган жойлар бўлади. Бизники биринчи қаватда", деди MAKRO гипермаркетининг ўзини таништирмаган ходими.
Бу айни номда Тошкент, умуман Ўзбекистонда очилган бешинчи ва энг йирик савдо дўконидир.