Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги махсус кучлари халқ орасида Шуҳрат "Домбрабадский" номи билан танилган 61 яшар Шуҳратилла Носировни 8 июнда Тошкентдаги уйидан олиб кетди. Бу ҳақда Озодликка унинг яқинлари ва Ички ишлар вазирлигининг исми сир қолишни сўраган юқори мулозими маълум қилди. Яқинларига кўра, Шуҳратилла Носиров билан айни кунда унинг 62 яшар акаси Шавкат Носиров¸ орадан ўн кун ўтиб эса¸ унинг 55 яшар синглиси Гулнора Расулова ҳам олиб кетилган. Илк бор 1993 йилда қамоққа олинган Шуҳратилла Носиров талончилик ва уюшган жиноятчиликда айбдор деб топилиб, 23,5 йил умрини пажаралар ортида ўтказган. "Маски шоу" Ички ишлар вазирлиги мулозимининг маълум қилишича, ака-ука Носировларни қўлга олиш бўйича "махсус амалиёт" ўтказилган. "Махсус амалиёт ўтказилиб, аввалига Дўмбробод массивида Шавкат Носиров ушланган, кейин унинг укаси Шуҳрат Носиров уйидан олиб кетилган," - деди Ички ишлар вазирлиги мулозими. Бу маълумотни тасдиқлаган Носировлар яқинларидан бири¸ ака-укалар яшовчи маҳаллада "маски-шоу" уюштирилганини айтди. "Ўнлаб ниқоблилар бутун маҳаллани ўраб олган. "Маски-шоу" қилиб юборишган. Воқеа кечки 7-8ларда бўлган. Аввал кўчадан уйга қайтаётган Шавкат акани милиция машинаси ичида кутиб ўтирган ходимлар қўлига кишан солиб, олиб кетишган. Кейин Шуҳрат акани уйига бостириб кириб, унга қарашли учта ҳовлини тинтув қилишган. Кейин униям олиб кетишган," - деди Носировлар яқинларидан бири.