Тошкентнинг Чорсу бозорига кириш йўли икки кундан буён тўсиб қўйилгани боис, бозор атрофида машиналар тирбандлиги вужудга келди. Бу ҳолат Озодликни Тошкентдаги автомобил стоянкаларидаги бугунги аҳволни ўрганишга ундади. Озодликнинг Тошкентдаги манбаларидан бири WhatsApp орқали юборган суратда Чорзу бозорига автомобилларнинг кириш жойи ёпиб қўйилганлиги акс этган.
Манбанинг ёзишича, бу ҳолат бозор атрофида машиналарнинг тирбанд бўлишига, аҳолининг бозор-ўчар қилишини қийнлаштиришга олиб келган.
Чорсу бозори маъмуриятининг ўзини таништирмаган мулозими, Озодлик билан суҳбатда бу жойлар уларга тегишли эмаслигини, йўллар таъмир қилинаётгани боис вақтинча бозорга кириш йўли ёпиб қўйилганини маълум қилди.
Тошкентда автомобиллар тўхташ жойларида тартиб бўлмагани қатор муаммоларни келтириб чиқараётгани айтилади.
Тошкентлик кузатувчи Миркомил Тошкандий фикрича, стоянкалар муаммоси бугунги кунда пойтахтнинг энг оғриқли нуқталаридан биридир:
- Очиғини айтсам, бу пойтахтнинг касал жойларидан бири. Стоянка Тошкент шаҳрида жуда оғир масала. Биринчидан, стоянкалар кичкина, машиналар сиғмайди. Иккинчидан, стоянкаларда машиналар учун шароит йўқ. Учинчидан стоянка нархлари Ўзбекистон шароити учун қиммат,- дейди Миркомил Тошкандий.