Бундай иддао билан афғонистонлик мулозимлар чиқишган. Уларга кўра, Тожикистон ёки Россия самолётлари Афғонистон шимоли-шарқидаги Тожикистон билан чегарага яқин туманни бомбалашган. “Бундан ўзлари олдиндан огоҳлантирилишмаган”. Тахор вилоятилик масъулларнинг айтишларича, самолётлар қаердан келганлигини билишмаган. Маълум бўлишича, ҳодиса якшанба куни Дарқад туманидаги отишма ортидан кузатилган. Тожикистон чегара қўриқчилари ва гиёҳванд моддалар контрабандачилари орасида тўқнашув рўй берган. Натижада икки нафар тожик чегарачиси ўлдирилган. Аммо Толибон ҳаракати бу каби отишма бўлганини рад этиб чиққан. Афғонистон томонининг даъво қилишича, маҳаллий вақт билан бугун тонгда бомбалаш ҳодисаси юз берган, “олти толиб ўлдирилган”. Толибоннинг рад қилишича, бомбаланган пайтда бу ҳудудда бирор бир жангарилари бўлмаган. Ўз самолётларининг бомбалашга ҳеч бир алоқаси йўқлигини айтиб, Тожикистон ва Россия ҳам раддия билан чиқишган. Сўнгги ойларда Толибон дохил бошқа исёнчи гуруҳлар ўз ҳужумларини кучайтиришаркан, Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита чегарадош бу вилоятида хавфсизлик билан боғлиқ вазият издан чиққан. Душанбедаги мустақил журналист Искандар Фирузнинг айтишича, ҳозир Афғонистон билан чегарадаги вазият ҳарбий ҳушёрлик ҳолатига келтирилган. Худди шу ҳодисалар манзарасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов пойтахт Кобулда Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани билан учрашган. Хабарларга кўра, Ўзбекистон томони террорчиликка қарши кураш ва Афғонистон ҳукуматининг сулҳ жараёнидаги иштироки хусусида суҳбатлашган. Томонлар, шунингдек, йирик иқтисодий ва транзит лойиҳалари борасида сўз юритишган. Расмий Тошкент сўнгги пайтларда ўзининг афғон можаросига дипломатик йўл билан ечим топишга қаратилган саъй-ҳаракатларини кучайтирган.