Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган интервьюсида элчи Женгиз Камил Фират: -Гулан ташкилотининг тузилмасига назар солсак, бу ерда улар савдо, маориф ва бошқа ижтимоий лойиҳаларда фаолият юритмоқда, деб ўйлаймиз. Биз бу масалада қирғиз ҳукумати билан музокараларни давом эттирмоқдамиз. Масалан, “Себат”, ҳозирда “Сапат” деб аталадиган мактаблар юзасидан талабларимизни қирғиз томонига тақдим этдик. Бу масалада қирғиз томони қандай қарор қабул қилишини кутиб турибмиз, -деб айтди. Туркия элчиси 2018 йилнинг 6 июнь куни Қирғизистоннинг Балиқчи шаҳрида “Себат/Сапат” мактабининг очилишига ҳам норозилик билдирган эди. Ўшанда Женгиз Камил Фират “бу ҳолат турк президенти Режаб Тоййип Эрдўғоннинг Қирғизистонга режалаштирилаётган сафарига салбий таъсир қилиши мумкин”, деб айтган. Элчининг билдиришича, Эрдўғон сентябрь ойида Бишкекка келади. Мана шу ташриф доирасида Қирғизистонда Туркия назарида гуланчиларга мансуб бўлган ташкилотлар масаласи ҳал этилиши мумкин. Туркия “Себат/Сапат” тизими ўрнига давлатга қарашли “Маъориф” жамғармаси мактаблари ташкил қилинишини таклиф қилмоқда. Женгиз Камил Фиратнинг бу билдируви “Себат/Сапат” мактаблари тизимининг норозилигага сабаб бўлди. 16 июль куни “Себат/Сапат” томонидан тарқатилган баёнотда: -“Сапат”нинг барча мактаблари Маъориф ва фан вазирлиги лицензиясига эга ҳамда расмий рўйхатдан ўтган. Ўқув дастури давлат дастурига мувофиқ келади ва бу дастурни Маъориф ва фан вазирлиги тасдиқлаган. 1994 йилдан бери “Сапат”нинг ўқувчилари халқаро ҳамда маҳаллий олимпиадаларда 72та олтин, 125та кумуш ва 216та бронза медалга сазовор бўлган. Мактаб битирувчилари "Google", "Samsung", "Microsoft", "Coinbase", "Deloitte" каби халқаро йирик ширкатларда ишламоқда, - деб айтилади.