Наманганлик уч-опа сингил Зулайҳо, Ойдина ва Маҳлиё Сатторовалар ҳужжат муаммоси сабаб Бирлашган Араб Амирликларидан Ўзбекистонга қайта олмаяпти. Қизларга кўра, 2,5 йил давомида Дубайдаги консуллик ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига қилган мурожаатлари натижасиз қолмоқда.
Чорасиз қизлар
22 яшар Зулайҳо, 20 яшар Ойдина ва 19 яшар Маҳлиё Саттороваларнинг Бирлашган Араб Амирликларидан Наманганга қайтиш учун бош урмаган эшиги қолмаган. Опа-сингиллар Озодлик билан суҳбатда уларнинг ватанга қайтиш уринишлари бесамар қолаётганидан нолишди:
- Бизга ҳеч ким ёрдам бермаяпти. Ички ишлар, ташқи ишлар, консуллик, Абу Дабидаги элчихонагача борганмиз. Ҳеч қайсиси бизга ёрдам бермаяпти, -дея йиғлайди опа-сингилларнинг каттаси Зулайҳо.
Қизларнинг айтишича, улар 8 йил аввал Амирликка туғилганлик гувоҳномаси билан келишган ва айни пайтда қўлларида паспорти бўлмагани боис, ватанга қайтиб кета олишмаяпти.