26 октябрь, шанба оқшоми, соат 21.40 ларда Самарқанд шаҳрининг Беруний кўчасида жойлашган "Жавоҳир" ресторани орқасидаги ахлатхона олдида бир шахс ўзини портлатиб, ҳалок бўлди. Самарқанд вилояти ҳуқуқ-тартибот органларидаги ишончли манбадан Озодлик олган маълумотларга қараганда, ўзини портлатган шахс 1988 йили туғилган Дониёр Ориповдир. Портлашдан Дониёрнинг укаси, 1995 йилда туғилган Дамир Орипов яраланган, шу кунда у касалхонада даволанмоқда.
Самарқанд шаҳрининг Хўжагунжоиш маҳалласида истиқомат қилиб келган Дониёр Орипов баданига боғланган қўлбола бомбани портлатган. Портлатманинг кучи тўғрисида ҳозирча маълумот йўқ.
Худкуш портлашдан бир неча дақиқа олдин воқеа юз берган жой яқинидаги ошхонага кирган, у ерда одам озлигини кўргач, ошхона ёнидаги дўконга кирган. У дўконга кириши биланоқ ортидан милиция ходимлари кириб боради ва худкуш бу жойдан ҳам қайтиб чиқиб кетади.
Шундан сўнг Дониёр Орипов "Жавоҳир" ресторани орқасидаги ахлатхона ёнига ўтади. Манбанинг айтишича, "у баданига боғланган бомбани ечмоқчи бўлади ва портлаш юз беради".
Айтилишича, Дониёр Орипов ва унинг укасининг қандайдир бир ташкилотга алоқаси бор-йўқлиги тўғрисида, умуман, улар амалга оширган ҳуруж сабаб ва мотивлари тўғрисида ҳозирча маълумот йўқ.
Воқеа юзасидан вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари тергов-суриштирув ишларини олиб бормоқда.