"Ўзбек элчихонаси эшигида" рукнининг бу сонида Озодликка мурожаатларда номи кўп тилга олинган Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси консуллик хизмати ҳақида гап боради.
Озодлик таҳририятига бу консулликка иши тушган ва ўз мурожаатига тегишли жавоб ололмаганини айтиб, боғланган ўзбекистонликлар талайгина.
Буларнинг аксарияти паспортини йўқотган, паспорти яроғсиз ҳолга келгани боис янгилашга мажбур бўлган, Россияда фарзанди туғилган ёки Ўзбекистондаги ижтимоий ҳолатига оид маълумотнома керак бўлган ўзбеклардир.
Россия ҳудудида 25 ёшга тўлган ва охирги 6 ой ичида ишсиз бўлгани учун йўлкирага пул тополмай, хорижда паспорти муддатини ўтказиб юборган Абдулла Хотамов булардан биридир.
- Москвадаги элчихона дарвозаси олдида юзтача қўриқчи. Шулардан ўтиб-ўтиб, ичкарига кирдик ва тушунтирдик: аҳвол шунақа-шунақа, Ўзбекистонга боришга ҳеч шароит йўқ, 7 кун қолди паспортнинг муҳлати тугашига, нима ёрдам бера оласизлар, десак, керак бўлса, пул топасизларда, деган жавоб бўляпти. Мен Ўзбекистон элчихонасини давлатимизнинг Россияда юрган, қийин аҳволга тушиб қолган фуқароларини ҳимоя қилувчи бир вакили, деб тушунардим. Наҳотки, элчихонамиз менга ёрдам бермаса? - дея Озодликка мурожаат қилган эди Россия ҳудудида 25 ёшга тўлган Абдулла Хотамов.