Ўзбекистонда ёнилғи тақчиллиги муаммоси янада кескинлашмоқда. Бутун мамлакат бўйлаб АЁҚШлар олдида бир неча километрлик навбатларнинг пайдо бўлиши оддий манзарага айланиб бўлди. Мамлакатдаги иккита нефтни қайта ишлаш заводидан бири бутунлай тўхтаб қолган, яна бири эса қисман ишламоқда, холос. Ўзбекистон нефть маҳсулотлари соҳасига яқин мутахассиснинг айтишича, яқин ҳафталар ичида муаммонинг ҳал бўлиши шубҳа остида қолмоқда. Мустақил экспертлар эса, муаммо ечими оддийгина -- бозор иқтисодиётига амалда ўтишдир, демоқда.
Душанба куни Озодликнинг Самарқанддаги мухлиси юборган видеода ЎзГазОйл ширкатига қарашли ёнилғи қуйиш шохобчаси олдида турган машиналар карвони беш километрга чўзилиб кетди.
- Бу ҳали ҳеч нарса эмас¸ биз бир марта бензин олиб яна қайтиб келаяпмиз. Беш километргача очередда турибди одамлар. Самарқанд бўйича умуман бензин йўқ. Бензозаправкагача мана ҳозир камерада оламан. Сизлар томоша қилиб кетинглар. Мостнинг устини қаранглар. Мостнинг устида ҳам машиналар турибди¸ бечоралар. Халқ бензинсиз азоб чекаяпти. Свет йўқ¸ сув йўқ¸ газ йўқ¸ бензин йўқ¸ машиналар ўта олмайдиган даражада турибди қаранглар, дея сўзлаб беради Озодлик муштарийси.
Бундай ҳолатни мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам кўриш мумкин.
Тошкентдан олинган хабарларга кўра, сешанба куни пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманидаги АЁҚШлардан бирининг олдида ҳам бир ярим киломтерлик навбат пайдо бўлган.
Ўзбекистон ҳукумати икки ҳафтадан бери давом этаётган бензин қурғочилигига доир вазиятни изоҳлаганича йўқ.
Айни пайтда Озодлик манбаларининг маълум қилишича, Ўзбекистондаги нефтьни қайта ишлаш заводаларидан бири -- Фарғонадаги корхона бутунлай тўхтаб қолган. Манбанинг сешанба куни Озодликка айтишича, бундан ўн кунча аввал Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи раҳбарияти ҳибсга олиниши ортидан Миллий хавфсизлик хизмати тергов бошлаган.
"Ҳозир катта тергов кетмоқда ва корхонадан бир томчи ҳам бензин чиқмаяпти", деди суҳбатдошимиз.