Президент Шавкат Мирзиёев ҳукумат олдига аҳолининг газ ва электр муаммосини ечиш масаласини қўйган.
"Шунча бойлигимиз бўлиб, одамларимизга салгина совуқ бўлса электр ўчишлари, газ етишмовчиликлари ҳозирги оддий ҳолатга айланиб бўлган, лекин бу мени жуда катта ташвишга соляпти", дея Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарининг биринчи қўшма мажлисидаги нутқидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz нашри.
Президентнинг сўзлари жойларда электр таъминотида узилишлар яна кучайган вақт янграмоқда.
Мирзиёев ўзининг 2016 йил декабридаги илк президент сайловолди чиқишларида ҳам аҳолининг газ ва электр муаммоларини ҳал қилишга ваъда берганди, аммо ўтган вақт мобайнида вазият яхши томонга сезиларли даражада ўзгармаган.
Собиқ мулозим ва тадбиркор Абдулла Абдуқодировнинг Би-би-сига айтишича, ўз вақтида минтақада электр энергиясининг экспортери бўлган Ўзбекистоннинг ўзи ўтган йилларда саноат ва қишлоқ хўжалигидаги ишлаб чиқариш ҳажми кенгайиши ҳисобига ҳозирда энергия тақчиллигини бошдан кечирмоқда.
"Электр энергияси ишлаб чиқариш, асосан, газни ёқиш билан боғлиқ бўлгани учун бу соҳада янги технологияларни жорий этиш жуда катта аҳамиятга эга", дейди тадбиркор.
BBC News O'zbek - BBC News O'zbek tilida, onlayn, TV va ijtimoiy tarmoqlarda