У вашего броузера проблема в совместимости с HTML5
Қирғизистон томони 5-7 январ кунлари содир бўлган Сўх воқеасидан кейин Ўзбекстоннинг Сўх эксклавига олиб борувчи йўлларни ва чегарани ёпиб қўйган эди. Бунинг натижасида Сўхда озиқ-овқат, бензин муаммоси пайдо бўлиб, нарх-навонинг кўтарилиб кетгани хабар қилинган.
23 январ куни Ўзбекистон Сўхга инсонпарварлик ёрдами жўнатган. Қирғиз расмийлари бу ёрдам чегарадан ўтказилишига қарши эмасликларини билдирган эди. Бироқ Фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячиси Баходир Элибоев Озодлик билан суҳбатда сўхликларга мўлжалланган гуманитар юклар ортилган машиналар 23 январ куни кеч соат бешларда чегарадан ўта олмай Риштонга қайтиб кетганини айтди. Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги вакили Жениш Раззақов эса бу ҳолатни Ўзбекистон томонидан гуманитар юкларни олиб ўтиш учун расмий илтимос олинмагани билан изоҳлади.
Ўзбекистон ҳам қирғиз томонининг бундай ҳаракатларига жавобан бир қатор чораларни кўрди. Жумладан, 18 январ куни Қирғизистон жанубидан Ўзбекистонга ўтиш мумкин бўлган ягона "Дўстлик" чегара ўтказиш бекати Ўзбекистон томонидан бир томонлама ёпилди. 21 январда "Қизилқия-темир йўл", "Қорасув-темир йўл", "Жалолобод-темир йўл" ва "Шамолдисой-темир йўл" назорат -- ўтказиш пунктлари бир томонлама ёпиб қўйилди. 22 январда эса Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги экслави ҳисобланган Барак қишлоғи ҳудди Сўх каби қамалда қолди.
Темир йўлнинг ёпилиши оқибатида Қирғизистонга келиши кутилаётган қурилиш ва бошқа ишлаб чиқариш маҳсулотлари Ўзбекистонда ушлаб турилибди. Қирғизистонда эса Ўзбекистон орқали бошқа мамлакатларга жўнатилиши керак бўлган 200 дан ортиқ вагон тўпланиб қолгани айтилмоқда: