Ўзбекистондаги жоме масжидларида жума намозидан олдин ўқиладиган маърузаларда имомлар аҳолини Озодлик каби ахборот воситаларига хабар беришдан узоқ туришга даъват қилди. Айни пайтда Марғилонда намозхонлар ҳақлари камситилаётгани ҳақидаги Озодлик хабаридан сўнг маҳаллий телевидение ходимлари тепадан келган топшириқ асосида бу хабарни рад этувчи махсус кўрсатув тайёрлашга киришган.
Тошкентнинг Кўкча мавзесида жойлашган Шайх Зайниддин жоме масжидида жума намозини ўқиган намозхоннинг айтишича, имом одамларни иғво гаплардан узоқда туришга насиҳат қилган:
“Бугун масжидда имом ватанга, халққа туҳмат ва иғво гаплардан узоқ бўлишга даъват қилди. Имом мўминларни ҳар хил Интернет ахборот воситаларига билиб-билмай ахборот беришдан йироқда бўлишга, тинчликнинг қадрига етишга чақирди”, деб ёзади намозхонлардан бири.
Тошкентнинг Соғбон кўчасидаги Кўҳаки масжидида жума намозини адо этган Жаҳонгир Шосалимовнинг айтишича, ўзи борган масжид имоми айнан Озодлик радиосига ахборот беришдан тийилишга даъват этган:
- Имомнинг айтишича, гўёки Марғилондаги масжидларда намоз вақтларини кўрсатадиган электрон таблолар ўчириб қўйилгани ҳақида Озодлик радиоси нотўғри хабар тарқатган, аслида у таблолар ремонт учун олиб қўйилган эди, деди. Озодлик, Би-Би-Сидагилар чет элдаги аламзадалар, кўролмайдиганлар, улар фитна қўзғамоқчилар, деб айтди. Мен эса буни эшитиб кулиб қўйдим, деди Жаҳонгир Шосалимов.