"Ўзбектелеком" ширкати расмийларининг ваъдаларига қарамай, Skype овоз хизматлари Ўзбекистонда ишламаяпти. Ширкат ҳамкорлар тармоғида профилактика ўтказаётгани ва бу ишлар 31 августга қадар давом этишини билдирган эди. Тармоқлардаги муаммо сабаблари ҳақида расмийлар жамоатчиликка конкрет гап айтмаётган бир пайтда аҳоли орасида “Skype, Viber бутунлай ёпилармиш”, деган гап-сўзлар тарқалган.
Ўзбекистонликлар қачон Skype орқали бемалол гаплашиш имконига эга бўладилар?
Озодлик мухбирининг бу саволига "Ўзбектелеком" мулозими: “Ҳозирча ҳеч нарса айтолмаймиз”, - деб жавоб қилди.
Ўзбекистонда Skype тармоқларидан фойдаланишда муаммолар июль ойи ўрталарида пайдо бўлган.
"Ўзбектелеком" ширкатидагилар ўшанда тармоқда профилактика ўтказилаётганини айтиб, мазкур мессенжер-овоз хизмати сифати 1 сентябрдан яхшиланишини ваъда қилишган эди.
Лекин, ўзбекистонлик фойдаланувчилар 2 сентябрь куни тармоқда ўзгариш сезишмади. Уларнинг айтишича, Skype орқали қўнғироқлашувларда муаммо ҳамон сақланиб қолмоқда.
- Умуман гаплашиб бўлмаяпти. Қўнғироқ қилсангиз у томондаги суҳбатдош “алло-алло” дейиши билан овози ўчиб қолади, бир ярим ойдан бери шу аҳвол, - дейди ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчиларидан бири.
"Ўзбектелеком" ширкати мулозимлари эса “тармоқда профилактика давом этяпти”, деган гапдан нарига ўтишмаяпти.