Амир Темур ёки Темурланг?
Ўзбекистон миллий қаҳрамонга айлантирган Амир Темурни кўплаб халқлар Темурланг деб аташади.
Асли форсча бу калима саркарданинг ногиронлигига нисбат беради.
Айрим мамлакатларда уни Тамерлан деб атаган билан одамлар ҳақоратни назарда тутишмайди.
Бироқ Афғонистонда ўзбекларнинг аждодларини қандай аташ ўта нозик.
Афғонистон президенти Ашраф Ғани ёшлар билан учрашувда ўз мамлакати сув таъминоти тизимини Амир Темур вайрон этганини урғуларкан, уни Темурланг деб атади.
Бу эса мамлакатнинг кўп миллионли ўзбекларини ғазаб солди.
Афғонистонлик ўзбеклар Президент Ғани ўзбек миллатидан кечирим сўраб чиқиши керак, деб талаб қилмоқдалар.
Кобулдаги Президенти саройи - "Арг" (Арк) баёнот чиқаришга мажбур бўлди ва Ашраф Ғани ўзбекларни ёки уларнинг аждодини ҳақорат қилиш мақсадида бу гапни айтмаганини урғулади.
Амир Темур номини унинг форсча лақаби орқали қабул қилган дунёдаги кўплаб халқлар уни Темурланг, Тамерлан, Тамбурлейн, Оқсоқ Темур деб аташади.
Бироқ унинг ногиронлигини назарда тутувчи форсча "ланг" ёки "оқсоқ" калимасини ҳам исмига қўшиб айтиш, кўплаб ўзбеклар учун ҳақоратли жаранглаши мумкин.
Айниқса, узоқ йиллар ўзаро урушган ва бугун ўз халқини бирлаштириш мақсадини айтаётган кўп миллатли Афғонистонда бу жуда қалтис масала.
Афғонистон шимолидаги 8 вилоятда тахминан 4-6 миллион атрофида ўзбеклар яшаши айтилади.
Афғонистондаги ўзбеклар бугун у ерда ўз тилларини расмий тил даражасига кўтаришди ва тарихий аждодлари хотирасини тарихий китоблар ҳамда ўқув дарсликларига киритишга интилмоқдалар.
Ҳатто Ўзбекистон устини очиб, ташлаб кетган Алишер Навоий қабрини ёпиш учун Афғонистон ўзбеклари пул йиғиб, мақбара қурдиришган.
Афғонистон ҳукумати ҳам ҳозирда Ўзбекистон билан муносабатларини яхшилашга интилмоқда.
Бу ўринда эса Афғон ҳукумати кўп миллионли ўз ўзбеклари ишончини қозониши лозим.
Ишончни тиклаш учун эса Афғонистонда ўзбек тили ва маданияти ривожланишига шароит яратиш, у ерда яшаб ўтган тарихий ўзбеклар хотирасига ҳурмат бажо келтириш муҳим ўрин тутади.
Президент Ашраф Ғанидан бугун ўзбеклар нима талаб қилишмоқда?
Амир Темур ҳақида айтилган битта сўз бугун Афғонистондаги миллатлараро вазиятни издан чиқариб юбориши мумкинми?
Энг асосийси, Афғонистон давлат раҳбари ҳақиқатан ҳам ўзбекларнинг аждодини ҳақорат қилдими?
Би-би-си Ўзбек хизмати журналисти Феруз Раҳимий вазият ва аҳволни изоҳлайди.
BBC News O'zbek - BBC News O'zbek tilida, onlayn, TV va ijtimoiy tarmoqlarda