Ўзбекистонда тўй ва маросимларини ўтказиш бўйича миллийлик ва замонавийликни ўзида мужассам этган намунавий сценарийларни ишлаб чиқиш таклиф қилинди.
Daryo.uz нашрининг ёзишича, Ўзбекистон Маданият вазири ўринбосари Камола Оқилова шундай таклиф билан чиққан.
Нашрнинг ёзишича, мулозим тўй ўтказиш тартиб-қоидаларини тайёрлаш бўйича Маданият вазирлигининг Концерт-томоша муассасаларини ривожлантириш бошқармаси ва "Ўзбекконцерт" иш бошлаганини ҳам билдирган.
"Асосий масала нима? Биринчидан, тарихийлик ва миллийликни сақлаш. Иккинчидан, замонавийликни ушлаб қолиш. Санъаткорларни чақиришда нималарга урғу бериш керак? Масалан, Президентимиз тўйларда мақомлардан бўлсин деб, айтгандилар. Шу билан бирга, олимларни жалб қилиб, тўйлар ҳақида илмий тадқиқотлар қилиш, чиройли тўйларни юзага олиб чиқиш лозим", дея иқтибос келтиради мулозимдан Daryo.uz нашри.
2019 йилнинг 5 октябрида Олий Мажлис Сенати тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги низомни эълон қилди.
Унга кўра, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар фақат бир кун (дафн этиш маросими бундан мустасно) соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади.
Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашади.
Низомга кўра, тўй ўтказувчи шахс тўйдан камида бир ҳафта олдин яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиши керак.