18 августдан бошлаб Тошкентдаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида бензин тақчиллиги юзага келди. Жойлардан олинган маълумотларга қараганда, кейинги кунларда ёнилғи тақчиллиги айрим вилоятларда ҳам кузатилмоқда. "Ўзнефтмаҳсулот" акциядорлик компанияси вакили вазиятни изоҳлашни истамади.
Озодликнинг Тошкентдаги ҳамкорларидан бири пойтахт ёнилғи шохобчаларида вужудга келган вазиятни мана бундай тасвирлади:
- Кеча кечга яқин заправкалар олдида навбат икки-уч километрга чўзилиб кетди. Бир хил заправкалар йўлни умуман ёпиб қўйди. Бугун (19 август -- таҳр.) эрталаб ҳам навбат катталигини, бироқ кеча кечқурунгичалик эмаслигини кўрдим. Кеча, масалан, Қоратош мавзеидаги заправка олдида, Кўкчадан "Истиқлол" саройига кетадиган йўлдаги 5 та полосанинг тўрттаси тўхтаб қолди. Чунки бензинга навбатга турган машиналар кўчагача чиқиб кетган эди. Қўйлиқдаям шунақа ҳолат кузатилди. Бугун эрталаб навбат бироз қисқаргандай. Ҳар бир қаторда 20, 30 тадан машина турибди, деб хабар қилди Озодликнинг Тошкентдаги ҳамкори.
Озодлик мухбири пойтахтдаги бир қатор ёнилғи шохобчалари билан боғланди.
- Бизда ҳозир ҳам очередь. Ҳар кунгидан кўпроқ. Сабабини билмадим,- деди шохобча ходими.
Бошқа шохобчалар вакилларидан ҳам айнан шу тахлит гап эшитдик.
Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида яшайдиган тингловчимизнинг айтишича, ёнилғи бу вилоятда ҳам тақчил. "Бизда бензин ҳам, дизель ёнилғиси ҳам тақчил", деди у.