Жиззах шаҳридаги Кўк бозорда савдо қилувчи ёймачилар ва солиқ инспекцияси ходимлари ўртасида 23 апрель куни тўқнашув юз берди. Савдогарлардан бирининг Озодликка айтишича, солиқ инспекцияси ходимлари кўкат ва сут-қатиқ сотиб ўтирган ёймачи (бозор расталарида махсус жойи йўқ савдогар) аёлларни ҳақоратлаб, молини тепкилаб бозордан ҳайдашга урингани оқибатида жанжал келиб чиққан. Кейин бошқа ёймачилар келиб, солиқчиларга ташланган. Воқеа жойига шаҳар ҳокими етиб келган ва ёймачилардан бозорни зудликда тарк этишни сўраган. Савдогарлар ҳокимнинг чақириғига кўнмагач, тўқмоқлар билан қуролланган милиция отряди келиб уларни бозордан ҳайдаб чиқарган. Жиззах шаҳар ҳокимлиги мулозими воқеани шарҳлар экан, бундан буён бозорларда ёймачиларнинг савдо қилишига рухсат берилмаслигини билдирди. Жиззахнинг Кўк бозорида беш йилдан бери кўкат сотиб тирикчилик қилиб келган аёл бозордан ҳайдалгач, ўзи ва яна ўнлаб ёймачи шаҳар ҳокимлигига арз қилиб борганини Озодликка айтди. - Агар ёймачилик энди мумкин бўлмаса, ҳоким бизга иш топиб берсин, деб ҳоким қабулхонасига борсак, у ҳам гапимизга қулоқ осмай, бизни қувиб солди, энди президент идорасига бормоқчимиз, - деди савдогар аёл.