Сурхондарёда туман ИИБ бошлиғи устидан жиноят иши қўзғатилди
У вашего броузера проблема в совместимости с HTML5
Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ички ишлар бўлими бошлиғи Бахтиёр Раҳмонқулов ҳибсга олиниб, унинг устидан жиноят иши қўзғатилди. Озодликнинг вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирида ишлайдиган манбасига кўра, собиқ милиция бошлиғи мансабини суиистеъмол қилганликда ва молиявий жиноятларда айбланмоқда. Шеробод туман ички ишлар бўлими бошлиғи Бахтиёр Раҳмонқулов 11 октябрь куни ҳибсга олинди. Шу куни Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига сафар қилган эди. Бу ҳақда Озодликка хабар берган Шеробод тумани ҳокимиятида ишлайдиган манбага кўра, бошлиқни ўз иш кабинетидан олиб кетишган: “Туман ички ишлар бўлимида ишлайдиган танишимнинг айтишича, милиция бошлиғини қўлига кишан солиб, бошига қоп кийгизиб олиб чиқиб кетишган. Милиционерларга бўлган воқеа ҳақида ҳеч кимга гапирмаслик тайинланган. Айни пайтда, уни вилоят прокуратураси тергов қиляпти. Раҳмонқулов молиявий жиноятлар содир қилганликда ва мансабини суиистеъмол қилишда гумонланмоқда”, деди манба.